АКТга ихтисослашган мактаб ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
“Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация
технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб

ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиб бориши мазкур соҳада хизмат қилишга қодир кадрларни тайёрлаш масаласини ўта долзарб вазифага айлантирди. Хорижий давлатларда коммуникация технологиялари халқ хўжалигининг барча соҳаларига жорий этилгани сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий соҳаларнинг ривожига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Иқтисодиёт кўрсаткичларининг ижобий ўсиши ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига янгидан-янги инвестицияларнинг киритилишига олиб келади. Энг муҳим инвестиция эса, кадрларни тайёрлашга, уларни ёшлик давридан тайёрлаб боришга катта эътибор қаратишдир.

Улуғ аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиши ҳам айнан ана шу вазифани амалга оширишдаги илк қадам бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасида охирги йилларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамиятнинг барча соҳалари, шу жумладан, давлат бошқаруви, жамият, таълим, тиббиёт соҳаларига жорий этиш ҳамда давлат хизматларини тақдим этиш бўйича йирик ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилмоқда.

Мазкур мактабнинг ташкил этилиши даврнинг ана шу даъватига жавоб бера оладиган кадрларни ёшлигиданоқ тайёрлаб бориш, соҳада етук ҳамда замон талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашга замин яратади.

Мактабни ташкил этишдан асосий мақсад – улуғ аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, ўрганиш ва тадқиқ этиш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш, ўқувчиларга аниқ фанларнинг юксак чўққиларини забт этиш, бошланғич синфлардан бошлаб ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорини аниқлаш ва уларни қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар базасини яратишдан иборатдир.

Ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб –ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштирилишига эришиш, ўқувчиларни дастурлаш асослари, маълумотлар базасини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўникмаларга эга қилиш, ахборот ва медиа ҳамда интеллектуал маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантиришдан иборатдир.

Шунингдек, мазкур соҳада юқори маҳоратга эга педагогларни ҳамда мутахассисларни жалб қилган ҳолда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси махсус мактабини яратиш, ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини тузиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам ва самарали иштирокини таъминлашни ташкил этиш ҳам мактабнинг асосий вазифаларидандир.

Мактаб олдига қўйилаётган талаблардан бири – ана шу мақсадларга эришиш учун юқори малакали, соҳасининг билимдони бўлган ўқитувчи-педагоглар базасини шакллантириш билан биргаликда, мактабда чет тилини ўқитишга ҳам катта эътибор қаратилганидир.

Мактабда ўқув жараёни халқаро андозалар асосида олиб борилиши мақсадида унга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети профессор-ўқитувчиларини ҳам жалб этиш белгиланган.

Мазкур қарор билан мактабда таҳсил оладиган ўқувчиларга барча шарт-шароитларни яратиш билан биргаликда уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириб бориш, мактаб ёшидаги иқтидорли ўқувчиларга математика, физика, информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган кўрик-танловлар ўтказиш, уларнинг натижаларига кўра бериладиган “Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари” номли мукофот ҳам таъсис этилди.

Ихтисослаштирилган мактабнинг ташкил этилиши – республикада ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш, келажак авлодни буюк аждодларимизга муносиб этиб тарбиялаш, давр талабларига дадил жавоб бера оладиган мутахассисларга бўлган катта эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.