35 ёшли тадбиркор Иқболжон Абдубарноев Улуғнор тумани “Обод” маҳалласида умумий қиймати 30 миллион долларлик “Соф-текс” корхонасини барпо этмоқда.

Ўтган йилнинг июль ойидан буён бу ерда 150 нафар қурувчи ва муҳандис меҳнат қилмоқда. Корхона жорий йил сентябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган.

Айни пайтда ташқи қисми ва ички безатиш ишлари деярли ниҳояланган. Швейцария, Япония, Германия ва Туркия давлатларидан энг замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилмоқда. Мазкур корхона 5,2 минг тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили туманимизга ташрифлари чоғида Улуғнорда замонавий саноат корхонасини қуриш бўйича тегишли топшириқларни берган эдилар, – дейди корхона раҳбари Иқболжон Абдубарноев. – Бу ерлар бир пайтлари бархан қумлари билан қопланиб ётган ташландиқ жой эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион доллар бўлиб, шунинг 15 миллион долларини Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тақдим этмоқда. Биринчи босқичда 15 миллион долларлик ишлар бажариб бўлинмоқда. Давлатимиздан миннатдорман, биз тадбиркорларни тўлалигича қўллаб-қувватламоқда. Ер ажратишдан токи имтиёзли кредит беришгача қисқа муддатларда ҳал қилинди. Белни маҳкам боғламасак, энди уят бўлади. Давлатнинг биз тадбиркорларга кўмаги ва молиявий қўллаб-қувватлаши билан кичик тадбиркордан йирик ишлаб чиқарувчига айланиб бораяпмиз. Ўзбекистон бренди остида корхонамизнинг жаҳонга чиқишига оз қолди ва мен бу кунларга етиш учун керак бўлса, ухламасдан ишлаяпман.

аҳаллаларга кирар экансиз, одамларнинг кайфияти бутунлай ўзгарганига амин бўласиз. Мазкур корхона очилса, тумандаги 750 нафар йигит-қизнинг доимий бандлиги таъминланади. Ҳафтанинг ҳар душанба куни ходимларни ишга олиш бўйича ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Улуғнор тумани йилига 20 минг тонна пахта хомашёсини етиштиради. Корхона ишга тушса, барчаси шу ернинг ўзида қайта ишланади ва 7 минг тонна тола олинади. Иккинчи босқичда эса толани бўяш ва тайёр маҳсулот чиқарилади. Ўзбекистондаги сифатли пахтадан олинган кийим-кечакларга Европа ва Америка бозорларида талаб ниҳоятда катта. Келгусида йилига 7-8 миллион долларлик экспорт амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, туманда бу борада 2019 йилдан кластер тизимига ўтилади. Чигитни қадашдан тортиб, тайёр маҳсулот экспортига қадар бўлган яхлит-узлуксиз ва самарали тизим яратилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги